ИСТАНБУЛ, 15 июль. /«Дунё» АА/. Туркия Мустақил саноатчилар ва тадбиркорлар уюшмаси (MÜSİAD) вакили, Ўзбекистон билан иқтисодий алоқалар бўйича масъул мутахассис, ҳуқуқшунос ва журналист Ирфан Хаттатўғлу “Дунё” ахборот агентлиги билан 14 июль куни Тошкентда бўлиб ўтган Янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқи юзасидан қуйидаги фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашди:
- Буюк Ўзбекистон халқи аслида ўз мамлакати манфаатларини жаҳон миқёсида ҳимоя қиладиган ва илгари сурадиган кучли етакчи бўлган инсонни танлади.
Шавкат Мирзиёев 2016 йили Президентликка сайланганидан кейин мамлакат ўз ривожланишининг янги даврига кирди ва халқаро ҳамжамият унинг кўп асрлик тарихи ҳамда маданияти билан янада чуқурроқ танишишга муваффақ бўлди.
Унинг давлатдаги асосий муаммоларни ҳал қилиш ва ижобий иқтисодий ўзгаришларни амалга оширишдаги инқилобий муваффақиятларини ҳам таъкидлаш лозим. Президентнинг инаугурация маросимида “Олдимизда турган давр Ўзбекистон учун сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маданий-гуманитар соҳаларда туб бурилиш ва улкан ўзгаришлар даври бўлади”. деган сўзлари унинг сиёсий ислоҳотларни янада ғайрат ва шижоат билан давом эттиражагидан далолат беради.
Давлат раҳбари дунёда рўй бераётган қуролли тўқнашувлардан тортиб иқлим ўзгариши муаммоларигача бўлган воқеликни аниқ-равшан тасвирлаб берди. У бугунги тез ўзгарувчан дунё тартиботини аниқ белгилар экан, “бугун дунё қандай шиддат билан, кескин ўзгариб бормоқда. Жаҳон миқёсида бир тарихий давр ниҳоясига етмоқда”, деди. Дарҳақиқат, бугун олдиндан таҳлил қилиб бўлмайдиган жараёнлардан иборат ўта мураккаб янги бир давр бошланмоқда.
Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсий фаолияти Ўзбекистонни минтақа ва туркий дунёда геосиёсий ва геостратегик жараёнларнинг асосий субъектларидан бирига айлантирди. Дунёнинг етакчи давлатлари, айниқса, Афғонистон масалалари бўйича Ўзбекистон билан ҳисоблаша бошлади.
Сўнгги пайтларда турли мамлакатларнинг кўплаб сиёсатчилари ўзларининг амбициялари ва шахсий мақсадлари туфайли халқ муаммоларини ҳал қилиш учун аниқ қадамлар қўймасдан, популизм билан шуғулланмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев эса мақсад ва вазифаларни аниқ англаши, ўзи раҳбарлик қилаётган давлатни янада ривожлантириш йўлини кўриши билан ажралиб туради.