Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўзбекистон делегацияси Истанбулда очилган “IDEF-2023” халқаро кўргазмада иштирок этмоқда


Ўзбекистон делегацияси Истанбулда очилган “IDEF-2023” халқаро кўргазмада иштирок этмоқда

ИСТАНБУЛ, 27 июль. /«Дунё» АА/. Шу кунларда Истанбул шаҳрида бўлиб ўтаётган “IDEF-2023” 16-Халқаро мудофаа ва хавфсизлик саноати кўргазмасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Мудофаа вазирликлари, Миллий гвардия ва Бош консуллик вакиллари иштирок этишаётир, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

 

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, IDEF (International Defence Industry Fair) дунёдаги энг йирик мудофаа ва хавфсизлик саноати кўргазмаларидан бири ҳисобланади. Ушбу кўргазма Туркия Республикаси Президенти ташаббуси билан Туркия Республикаси Мудофаа вазирлиги, Мудофаа саноати раислиги ва Қуролли кучлар жамғармаси томонидан ташкил этилган. Шу вақтга қадар IDEF кўргазмалари 15 маротаба ўтказилган. IDEFнинг 16-кўргазмасида 55 мамлакатдан 1461 хорижий компания ва 81 хорижий мамлакатдан 189  расмий делегация иштирок этмоқда.

Кўргазманинг тантанали очилиш маросимида Туркия Президенти Ражаб Тайип Эрдўған видеалоқа воситасида иштирок этди.

Президент Эрдўған “IDEF-2023” 16-Халқаро кўргазмасини очар экан, жорий йилнинг 6 ойида мудофаа саноатидаги экспорт рекорд даражада (2,6 миллиард АҚШ доллари) ошгани, йил охирига қадар бу кўрсаткични 6 миллиард долларга етказиш мақсад қилинганини айтди.

Маросимда Туркия Мудофаа вазири генерал Яшар Гюлер, Туркия вице президенти Джевдет Йилмаз, Миллий Мудофаа вазири, Саноат ва технология вазири ҳамда бир қатор юқори лавозимли масъуллар иштирок этишди.

Туркия мудофаа саноатининг раҳбари Ҳалук Гўрғуннинг сўзларига кўра, республика ҳозирги пайтда дунёнинг 170 давлатига 230 хил мудофаа маҳсулотини экспорт қилмоқда. Анқаранинг таклифлари хилма-хиллиги ва кўлами сўнгги йилларда сезиларли даражада кенгайганини таъкидлар экан, Туркияни келгуси 10 йил ичида мудофаа технологияларини экспорт қилувчи дунёдаги энг илғор 10  давлатдан бирига айлантириш нияти борлигини билдирди.

Ўзбекистон вакиллари кўргазмада иштирок этаётган давлат ва хусусий ташкилот мутасаддилари билан икки ва кўп томонлама ҳамкорлик масалалари бўйича қатор музокараларни ўтказишди. Учрашувларда идоралараро ҳамкорликнинг ҳуқуқий заминини мустаҳкамлаш, турли йўналишдаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари кўргазмада намойиш этилган техникаларни кўздан кечириш билан бирга ўзаро ҳамкорликка қизиқиш билдирган компания, вазирлик ва идораларнинг вакиллари билан турли учрашувларни ҳам ўтказишмоқда.

“IDEF-2023” халқаро кўргазмаси ўз ишини 28 июлга қадар давом эттиради.