Ўзбек тили байрами Туркияда кенг нишонланмоқда
АНҚАРА, 17 октябрь. /"Дунё" АА/. 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонамиз қошида фаолият кўрсатадиган "Ўзбек тилининг дўстлари" клуби, Туркия олий таълим муассасалари ҳамда мамлакатимиз илмий-адабий жамоатчилиги вакиллари иштирокида қатор тадбирлар ташкил этилаётир, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ана шундай тадбирлардан бири Анқара Йилдирим Боязид университети билан ўзаро ҳамкорликда уюштирилди - ўзбек адиби Чори Авазнинг яқинда турк тилига таржима қилинган "Aydınlık Hayaller" китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов, Йилдирим Боязид университети профессори Актач Айдин, Туркия радио ва телевидение олий кенгаши эксперти, доктор Аҳмед Акалин, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Шаҳло Ҳожиева, "Фаввора фильм" киностудияси раҳбари Келдиёр Хўжаёров, Ёзувчилар уюшмаси аъзолари - Озода Бекмуродова ҳамда Зебо Омонова иштирокида ўтган ушбу тадбир аввалида сўнгги йилларда ўзбек тилининг обрў-эътиборини ошириш, ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги ўрнини юксалтириш, жумладан, Туркияда ўзбек тилини ўрганишга имкониятлар яратиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида атрофлича фикр юритилди.
Ўзбек адиблари асарларининг турк тилига ўгирилиши ҳам ўзбек тили ва адабиётига бўлган катта қизиқишдан далолат бериши қайд этилди.
Тадбир иштирокичларига Чори Авазнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

Сўнгра университетнинг тилшунослик йўналиши талабалари иштирокида мушоира ташкил этилиб, ўзбек шоирининг шеърларидан намуналар ўқилди.
Тадбирдан сўнг ўзбекистонлик профессор Нурбой Жабборов ва турк навоийшунос олими Фунда Топрак иштирокида Анқара Йилдирим Боязид университети талабаларига ўзбек тилига бағишланган очиқ дарс ташкил этилди.
Худди шундай амалий машғулот Ҳажеттепе университетида, шунингдек, Туркиянинг Карабюк университетида "Ўзбек тилининг дўстлари" клуби фаоллари иштирокида «Ватандошлар» жамоат фонди ҳамда "Алишер Навоий" жамғармаси томонидан тақдим этилган ўзбек тилидаги китобларни топшириш маросимининг ўтказилиши ҳам режалаштирилган.