Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Тошкентда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг иккинчи учрашуви бўлиб ўтди


Тошкентда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг иккинчи учрашуви бўлиб ўтди

ТОШКЕНТ, 20 октябрь. /«Дунё» АА/.  Бугун пойтахтимизда Ўзбекистон раислигида Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо мамлакатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг иккинчи учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда Озарбайжон Хавфсизлик кенгашининг котиби Рамиль Усубов, Қозоғистон Хавфсизлик кенгашининг котиби Марат Иманкулов,  Туркия Президенти Администрацияси ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгашининг бош котиби Сейфуллах Хаджи Мюфту ўғли, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов, шунингдек, ТДТ нинг бош котиби Қубаничбек Омуралиев иштирок этди.

 

Ўзбекистон Президентининг форум иштирокчиларига йўллаган мурожаатини Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари, давлатимиз раҳбарининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов ўқиб эшиттирди.

 

Президент Шавкат Мирзиёев ўз мурожаатида ташкилотининг жадал ўсиб бораётган салоҳияти ва нуфузини таъкидлади, бу эса дўстлик ва бирдамликнинг яққол тасдиғи ҳисобланади.  Мурожаатда Ўзбекистон раислиги остида ТДТ   томонидан  салмоқли ва кўп қиррали ишлар амалга оширилгани қайд этилди.

 

Бугунги кунга қадар кўп қиррали ҳамкорликнинг барча йўналишлари ва соҳалари қамраб олингани ҳолда 30 дан ортиқ йирик тадбирлар  уюштирилди. ТДТ маконида хавфсизлик ва барқарорликка ҳозирги таҳдидларни енгиб ўтиш йўлларини излашда ваколатли органларнинг биргаликда фаолият юритиши алоҳида аҳамият касб этаётган шароитда ташкилотга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг иккинчи учрашуви механизмига юқори баҳо берилди.

 

Учрашув чоғида кенг кўламли масалалар, жумладан терроризм, экстремизм, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши, одам савдоси, кибержиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, фавқулодда вазиятлар ва бошқа юзага келаётган янги чақириқ ва таҳдидларнинг олдини олиш ва уларга жавоб бериш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

 

Тадбир давомида иштирокчилар Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг хавфсизликка оид минтақавий кун тартиби масалаларига ёндашувларнинг умумийлигини қайд этди. Томонлар, шунингдек, барқарор ривожланишни таъминлашнинг амалий жиҳатлари бўйича идоралараро алоқаларни янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.

 

Йиғилишда ваколатли органларининг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш ва умумий кун тартибининг долзарб масалалари бўйича қўшма қарорларни ўз вақтида ишлаб чиқиш учун ТДТга  аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котиблари ўртасидаги учрашувларнинг доимий механизмини жорий этиш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.

 

Тадбир давомида  ТДТ доирасида хавфсизлик соҳасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича тавсиялар ва ташаббуслар илгари сурилди, ҳамкорликнинг жадал динамикасини давом эттириш ва фойдаланилмаган салоҳиятни ишга солиш орқали уни янада жадаллаштириш  муҳимлиги таъкидланди.

 

Анжуман доирасида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, шунингдек,  ТДТ бош котиби билан музокаралар ўтказди. Суҳбат давомида минтақавий хавфсизлик масалалари, Афғонистондаги вазият, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мудофаа департаментлари ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик асосида, ҳамда ТДТ доирасидаги алоқаларни фаоллаштириш бўйича фикр алмашилди. Томонлар конструктив ҳамкорликни давом эттиришга, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга, жумладан, шартномавий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни  амалга оширишга тайёр эканликларини тасдиқлади.

 

Эслатиб ўтамиз, ушбу форматдаги биринчи учрашув Туркия томонидан 2022 йил июнь ойида ташкил этилган эди.

Ўзбекистон 2019 йил октябрь ойида ТДТ (илгари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши – ТТДҲК)нинг тўлиқ аъзоси бўлди ва ўтган йили ташкилотнинг Самарқанд саммитидан сўнг ТДТга раислик мамлакатимизга ўтди.