Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Анқарада «Тил – миллат кўзгуси» мавзусида илмий-амалий анжуман ташкил этилди


Анқарада «Тил – миллат кўзгуси» мавзусида илмий-амалий анжуман ташкил этилди

АНҚАРА, 21 октябрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонасида «Тил – миллат кўзгуси» мавзусида илмий-амалий анжуман ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

«Ўзбек тили дўстлари клуби» фаоллари билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов,  профессор Эртуғрул Яман, тилшунос Замира Ўзтурк, адабиётшунос ва тарихчи Зайнобиддин Абдурашидов, Анқара шаҳридаги олий таълим муассасаларида таълим олаётган  талабалар иштирок этди.

 

Тадбирда сўз олган Ўзбекистон элчиси Алишер Аъзамхўжаев сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат тилини ривожлантириш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

 

 - 2020 йилда давлатимиз раҳбари томонидан «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармон қабул қилинганди, – деди элчи. – 2020-2030 йилларда тил соҳасида амалга оширилиши режалаштирилган муҳим чора-тадбирларни қамрам олувчи мазкур муҳим концептуал ҳужжат асосида ўтган йиллар давомида ўзбек тилини ривожлантириш, унинг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини ошириш, бу борада хорижий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича таҳсинга сазовор ишлар амалга оширилди. Жумладан, Туркияда пойтахти Анқарадаги Башкент университети қошида ўзбек тили соҳасида изланишлар юритувчи Алишер Навоий номидаги илмий-тадқиқот маркази иш бошлади. Ҳожи Байрами Валий, Анқара, Ғозий ва Ҳажеттепе каби 6 университетда бевосита ўзбек тили йўналишлари ташкил этилган бўлиб, турк қардошларимизга тилимизнинг сир-асрорлари ўргатиб келинмоқда.

 

Тилшунос олима Замира Ўзтурк «Ўзбекистоннинг тил соҳасидаги сиёсати», Қиршеҳир университети профессори Эртуғрул Яман «Ўзбек тили ва туркий тилларнинг келажаги» мавзуларида маърузалар қилдилар.

 

 -Ўзбек тили асрлар давомида минтақада умумий мулоқот воситаси бўлиб келган. Бугун ҳам ўзбек тилини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Қадимги туркий тилнинг лексикологиясини рўёбга чиқаришда ўзбек тилининг алоҳида ўрни бор деб ўйлайман,- деди Эртуғрул Яман. - Ўзбек тилида ишлатиладиган сўзларнинг аксари барча туркий тилларда учрайди. Аслида расмий турк тилидан ташқари Онадўлининг турли вилоятларида маҳаллий халқ томонидан ишлатиладиган лаҳжалардаги кўплаб сўзлар ҳам ўзбек тилида мавжуд.

 

Тадбир давомида «Ўзбек тили дўстлари клуби» фаоли Замира Ўзтурк томонидан ўзбек тилидан турк тилига ўгирилган Ойбекнинг «Қутлуғ қон» ва «Олтин водийдан шабадалар» китобларининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.