ТОШКЕНТ, 9 ноябрь. /«Дунё» АА/. Бугун Тошкентда «Болалар ва ёшлар ҳаракатда — Марказий Осиёда иқлим ўзгариши» халқаро форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Форум ишида Ўзбекистоннинг биринчи хоними Зироат Мирзиёева, Туркиянинг биринчи хоними Эмине Эрдоған, Эрон Президентининг рафиқаси Жамиле Аъламулхудо, Қирғизистон биринчи хоними Айгул Жапарова, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари, ёш экофаоллар иштирок этди.
Анжуманнинг очилишида «Замин» фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева ёш экофаолларга мурожаат қилди:
«Форумнинг бош иштирокчилари - сизлар. Бугун бу ерда сизларнинг тоза, соғлом ва барқарор муҳит учун курашдаги етакчилигингизни эътироф этиш мақсадида йиғилдик. Қўшниларимиз билан биргаликда Самарқанд экологик оромгоҳи якунлари бўйича ишлаб чиқилган Барқарор ривожланиш маданиятини илгари суриш ҳамда ёшлар ва болаларни иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича минтақавий стратегиянинг имзоланиши янги келажак сари ташланган муҳим қадам бўлади».