Пойтахтимизда туркий халқлар тарихига бағишланган конференция бўлиб ўтди
ТОШКЕНТ, 5 декабрь. /«Дунё» АА/. Бугун «Туркий халқлар тарихида Туркистоннинг ўрни» мавзусида халқаро конференция ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирни Туркий давлатлар географик кенгаши бош котиби Ойбек Норинбоев, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби ўринбосари Мирвоҳид Азимов, Истанбул тикарет университети ректори Абдулҳамит Авшар, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директори Азамат Зиё кириш сўзи билан очиб берди ва халқаро конференциянинг бугунги кундаги тарихий аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтишди.
Конференция ишида, шунингдек, Туркия, Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа давлатлардан келган олимлар, олий таълим муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва эксперт ҳамжамиятларининг вакиллари ўз маърузалари билан иштирок этганлиги унинг амалий аҳамиятини белгилаб берди.
Халқаро анжуман «Туркистонда сиёсат ва бошқарув, Туркий давлатчилик анъаналарининг асослари», «Туркистонда илм-фан ва маданият ёхуд Ўрта аср классик Ислом маданияти тимсолида Мовароуннаҳр», «Туркистоннинг меъморий обидалари ва санъати», «Туркистоннинг Туркий ва минтақа халқлари ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти», «Туркистон ва Туркий дунё» каби йўналишларда ўз фаолиятини олиб борди.
Буюк мутафаккир олим Имом Бухорийнинг «Илмдан бошқа нажот йўқ» шиори остида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган халқаро конференция иштирокчилари Туркистон тарихи ва туркий халқларнинг маданий бойлигини илмий жиҳатдан ўрганиш имкониятига эга бўлдилар.
Шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ва Туркий Давлатлар географик Кенгаши ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида ташкил этилган мазкур халқаро конференция чуқур илмий изланишлар учун замин яратди. Эътиборга молик жиҳати шундаки, конференция Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг она тилида ўтказилди.
Халқаро конференциянинг амалий натижаси сифатида маърузачи олимлар ва иштирокчиларнинг илмий мақолалари алоҳида тўплам шаклида нашр этилади.