Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўзбекистон Президенти халқаро ҳамжамият эътиборини яна бир бор Марказий Осиёдаги экологик муаммоларга қаратди


Ўзбекистон Президенти халқаро ҳамжамият эътиборини яна бир бор Марказий Осиёдаги экологик муаммоларга қаратди

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилмаларининг ваколатли вакиллари БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон  Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган «Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш» резолюцияси муносабати билан халқимизга ўз табрикларини йўллашди:  

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Ли Цзюньхуа:  

- Ўзбекистон Президенти ва халқини БМТ Бош Ассамблеяси томонидан «Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш» резолюцияси бир овоздан  қабул қилингани билан самимий табриклайман. Ушбу муҳим резолюция экологик муаммоларга, жумладан, музликларни ҳимоя қилиш, ерларнинг деградациясига қарши курашиш, сув ресурсларидан барқарор фойдаланиш ва энергия самарадорлигини оширишга қаратилган асосий масалаларни илгари суради.

Резолюция барқарор ривожланишга комплекс ёндашувни рағбатлантиради ва минтақавий ҳамкорликни дунёмиз олдида турган умумий муаммоларни ҳал қилишда кучли восита сифатида хизмат қилади.

Ўзбекистоннинг ушбу ташаббуси одамлар бирлашса, амалий ҳаракатларни амалга ошириш, барқарор, адолатли ва хавфсиз дунёни барпо этишда нималарга эришиш мумкинлигининг муҳим намунасидир. Резолюция Марказий Осиё давлатларининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, шу жумладан халқаро ҳамжамият кўмагида жамоавий мажбуриятларини кучайтиради.

Бугун биз Ўзбекистон Президенти ва халқи ташаббусини тантанали равишда нишонлар эканмиз, мамлакатингизнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги қатъий интилишини самимий қутлаймиз. БМТ тизими Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашда давом этади.

Келинг, барча учун барқарор ва адолатли келажакни барпо этиш йўлида  умумий саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилайлик.

Жаҳон соғлиқни  сақлаш ташкилотининг Нью-Йоркдаги ваколатхонаси директори Вернер Обермаер:

 - Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга халқаро ҳамжамият эътиборини яна бир бор Марказий Осиёдаги экологик муаммоларга қаратгани учун самимий миннатдорлик билдираман. Шунингдек,  Ўзбекистон халқини ўтган ҳафтада БМТ Бош Ассамблеянинг кенг қамровли ва аниқ ҳаракатларга йўналтирилган резолюцияси муваффақиятли қабул қилингани билан чин  юракдан табриклайман.

Дунё аҳолисининг деярли ярми иқлим ўзгаришининг салбий таъсирига ўта заиф бўлган ҳудудларда истиқомат қилмоқда. Иқлим ўзгариши туфайли ҳароратнинг кўтарилиши чўлланиш ва қурғоқчилик даражасини оширмоқда. Сўнгги йигирма йил ичида 65 ёшдан ошган одамлар орасида иссиқлик туфайли ўлим  даражаси 70 фоизга ошди. 

Сув танқислиги дунё аҳолисининг 40 фоизига таъсир қилмоқда. 2030 йилга бориб янада  230 миллиондан ортиқ киши ушбу таҳдид остида қолади ва улар бошқа ҳудудларга кўчиб кетишга мажбур. Иссиқлик, юқумли касалликлар тарқалиши, сув танқислигининг кучайиши ва озиқ-овқат хавфсизлигига путур етказаётгани сабабли биз одамлар соғлиғини сақлашни таъминлай ололмаймиз. Бу, айниқса, ҳарорат глобал ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўтарилаётган Марказий Осиёда жуда долзарбдир.

 Бош Ассамблея томонидан қабул қилинган мазкур резолюцияда Марказий Осиё, жумладан, Оролбўйи минтақасидаги экологик муаммоларни ҳал этиш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш чораларини кўриш бўйича минтақавий ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги алоҳида қайд этилган.

 Мен Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу муҳим ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини тасдиқлайман.

Франциянинг БМТдаги доимий ваколатхонаси катта маслаҳатчиси Филипп Мартинет:

 -Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг янги резолюцияси қабул қилинганидан чуқур таассурот ва илҳом олганимни таъкидлашим керак.  Марказий Осиё юзлашаётган ва дуч келадиган экологик муаммолар яқин минтақавий ҳамкорликни тақозо этмоқда. Биз бундай ҳамкорликни рағбатлантирамиз ва минтақадаги беш давлат ўз саъй-ҳаракатларда бирлашгани ҳамда бу йўналишдаги алоқаларни ривожлантириш мақсадида турли тадбир ва форумлар ўтказиш ниятида эканидан жуда мамнунмиз. Резолюциядаги ўзаро бирдамлик ва муҳим ташаббуслар учун Ўзбекистонга яна бир бор самимий миннатдорлик билдираман. Биз БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича навбатдаги конференцияларигача ушбу йўналишдаги мажбуриятларни янада кучайтиришга чақирамиз.