Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Экология соҳасида туркий давлатлар билан алоқалар янги босқичга чиқмоқда


Экология соҳасида туркий давлатлар билан алоқалар янги босқичга чиқмоқда

ИШЛО¯ ХªЖАЛИГИ ВА ¯ªШИЛГАН ¯ИЙМАТ ЗАНЖИРИ

2024 йилнинг 5-6 ноябрь кунлари Қирғиз Республикасининг Бишкек шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммити ўтказилади. Мазкур саммитда Ўзбекистон фаол иштирок этиб, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши соҳаларида долзарб масалаларни илгари суришни мақсад қилган.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан халқаро тадбирларда барча соҳаларда, хусусан, экология борасида ҳам қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ Ўзбекистон хорижий ташкилотлар, жумладан, Туркий давлатлар ташкилотида (ТДТ) ҳам ўз ўрнига эга давлатга айланди. Хусусан, 2022 йилнинг 10–11 ноябрь кунлари Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити юртимизда ўтказилди. Кўҳна ва навқирон Самарқанд мезбонлик қилган саммитда Ўзбекистон томонидан туркий дунёни янада яқинлаштириш ва улкан салоҳиятни тўлиқ ишга солишга қаратилган муҳим таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.

Маълумот учун, Туркий давлатлар ташкилоти 1993 йилда ташкил этилган. Ташкилотга Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси ва Туркманистон аъзо ҳисобланади. Шунингдек, 8 та давлат кузатувчи мақомидадир. 

Ўзбекистон ТДТга аъзо давлатлар билан экология соҳасида ҳам фаол ва самарали ҳамкорлик ўрнатган. Жумладан, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида 2008 йил 11 сентябрда Боку шаҳрида экология соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим имзоланган бўлиб, икки давлат вакиллари турли учрашувлар, халқаро конференция ва тадбирлар доирасида икки ва кўп томонлама асосда ўзаро тажриба ва ахборот алмашмоқда. МДҲ доирасида ҳам ҳамкорлик олиб борилмоқда.

Хусусан, 2023 йил 9 декабрда БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси (CОP28) иштирокчиларининг 28-конференцияси доирасида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) мамлакатлари вазирлар йиғилиши бўлиб ўтди. Озарбайжон Республикаси миллий павильонида ИҲТ минтақасида ресурслардан самарали фойдаланиш, барқарор ривожланиш ва айланма иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш масалаларига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаси ўртасида 1996 йил 24 декабрда экология ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим имзоланган. Икки мамлакат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига бағишланган турли учрашувлар, конференциялар, форумлар, семинар ва тренингларда доимий иштирок этиб келмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон томони 2022 йил 21-22 октябрь кунлари Бишкек шаҳрида Қор қоплони ва унинг экотизимларини сақлаш бўйича глобал дастур (GSLEP) бошқарув қўмитасининг 7-йиғилиши, 2023 йил 4-6 июль кунлари Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган «Ёввойи ҳайвонларнинг ноқонуний савдоси – тадқиқот натижалари, ҳуқуқий таҳлил ва илғор тажриба» мавзусидаги ҳудудий семинар ҳамда 2024 йил 15-17 май кунлари ўтказилган БМТ UNFCCC шартлари, тартиблари ва йўриқномаларига мувофиқ икки йиллик шаффофлик ҳисоботларини тайёрлаш бўйича Марказий Осиё мамлакатлари учун минтақавий тренинг семинарида фаол иштирок этди.

Қозоғистон билан 1997 йил 2 июнда Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик, 2022 йил 22 декабрда эса экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим имзоланди.

Айни дамда Сирдарё ҳавзасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва сув сифати бўйича Ўзбекистон-Қозоғистон қўшма ишчи гуруҳи фаолият кўрсатмоқда. Ишчи гуруҳ фаолияти доирасида Сирдарё сувининг сифати бўйича мунтазам равишда ахборот ва билим алмашилади, Ўзбекистон ва Қозоғистондаги Сирдарё ҳавзасини мониторинг қилиш бўйича қўшма тадбирлар ҳамда ҳар йили ишчи гуруҳ йиғилишлари ўтказилади. Қирғиз Республикаси ва Тожикистон Республикасининг мазкур ишчи гуруҳига қўшилиши атроф-муҳитнинг ифлосланиши бўйича мониторинг ва маълумотларни олиш бўйича қўшма тадбирларни амалга ошириш имконини беради.

2024 йил февраль ойида Самарқанд шаҳрида CМS CОP-14 доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида Устюрт платосида ҳайвонот дунёсини сақлаш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бундан ташқари, икки мамлакат вакиллари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига бағишланган турли учрашувлар, конференциялар, форумлар, семинар ва тренингларда доимий иштирок этиб келмоқда. Хусусан, 2023 йилнинг 2-3 июнь кунлари Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири бошчилигидаги делегация Остонада бўлиб ўтган «ECO-JER: Carbon Neutrality Pathways» 3-халқаро конгрессида, 4-5 сентябрь кунлари эса Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг Барқарор ривожланиш бўйича давлатлараро комиссияси йиғилишида иштирок этди. Шунингдек,  Оролбўйида саксовул экиш бўйича Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш мақсадида Қозоғистон Экология ва табиий ресурслар вазири ўринбосари Н.Шарбиевнинг ташрифи режалаштирилган.

ТДТ ташкилотининг яна бир аъзоси — Туркия билан ҳам экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жумладан, 2018 йилда Туркия Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлиги билан ўрмон хўжалиги соҳасида шартнома имзоланиб, ўтган 6 йил давомида 60 га яқин мутахассисларимиз Туркияда ўтказилган конференция, семинар ва тажриба алмашиш курсларида қатнашди. Бундан ташқари, Туркия Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларидаги тўғон ва сув омборлари атрофидаги ўрмонлар, шаҳарлар атрофидаги яшил ўрмонлар экиш учун ер тайёрлашда ҳам амалий ёрдам кўрсатди.

Сўнгги тўрт йил давомида 40 га яқин туркиялик мутахассис мамлакатимизга ташриф буюриб, тажриба алмашди. 2024-2025 йилларда эса Туркияга 30 га яқин мутахассис ташриф буюриши ва ўрмон хўжалиги бўйича тажриба алмашиши кутилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ТДТга аъзо давлатлар билан кўп томонлама ҳамкорлик ҳам ўрнатилган. Жумладан, 2019 йилда Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон табиий мероси рўйхатига киритилган Ғарбий Тян-Шан серияли трансчегарасини бошқариш ва муҳофаза қилиш бўйича меморандум, 2021 йилнинг 10 ноябрь куни эса Глазгода Ғарбий Тян-Шан ва Помир-Олойда қор қоплонини сақлаш, уни озиқ-овқат билан таъминлаш ва яшаш муҳитини таъминлаш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Қолаверса, Марказий Осиё давлатларининг Қўшма баёноти ишлаб чиқилди ва 2023 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Дубайда (БАА) бўлиб ўтган Иқлим ўзгариши бўйича БМТ доиравий конвенцияси иштирокчилари конференциясининг 28-сессиясида тақдим этилди.

2024 йилнинг 10 февраль куни Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон атроф-муҳит вазирлари юртимизда очилган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (“Green University”) очилиш маросимида иштирок этди.  2024 йил февраль ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган CОP-14 давомида эса Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон Африка ва Евроосиёда йиртқич қушларнинг кўчманчи турларини сақлаш бўйича ўзаро англашув меморандумига қўшилди ва иштирокчи давлатлар сонини 64 та давлатга етказди.

Бундан ташқари, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида ёввойи табиатнинг ноқонуний савдосига қарши курашиш салоҳиятини ошириш, Яшил Марказий Осиё (минтақавий иқлим стратегияси, музликлар бўйича ҳамкорлик, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар бўйича трансчегаравий ҳамкорлик), Марказий Осиёда иқлим ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда ерни комплекс бошқариш, Марказий Осиёда иқлим рискларини бошқариш, Марказий Осиёда пайдо бўлаётган зооноз касалликларга ландшафтнинг чидамлилигини ошириш борасида ҳамкорлик амалга оширилмоқда.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, туркий дунё бугунги кунда иқлим бўйича халқаро ҳамкорликда ўзининг юксак ўрни ва баланд овозига эга бўлиб бормоқда. Ўзбекистон эса Туркий давлатлар ташкилоти билан барча соҳаларда бўлгани каби экология борасида ҳам ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ташкилотга аъзо давлатларга бирдек дахлдор бўлган долзарб экологик масалаларга ечим излашда фаоллик кўрсатишдан манфаатдор ва бу борада амалий ишларни амалга оширишда давом этади.