Ўзбекистон: қардош қўшни давлатлар билан ўзаро дўстона ҳамкорлик қисқа вақт ичида ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилди
Сўнгги йилларда Туркий давлатлар ташкилоти аъзо мамлакатлар учун барча соҳадаги минтақавий масалаларни, шу жумладан, энергия хавфсизлигини таҳлил қилиш ва ҳал этишга қаратилган ҳамкорлик платформасига айланмоқда.
Хусусан, бу борада охирги йилларда йирик лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш орқали минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани эътирофга молик.
Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида қардош қўшни давлатлар билан ўзаро дўстона алоқалар янада мустаҳкамланиб, қисқа вақт ичида ушбу муносабатлар ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилди.
Агар минтақавий ҳамкорлик соҳалари иқтисодиёт, транспорт, маданият, таълим, тиббиёт, туризмни қамраб олса, сув-энергетика сектори бизнинг мамлакатлар ривожланишида энг муҳим стратегик йўналишлардан бири ҳисобланади.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистоннинг электр энергиясига бўлган талаби йилига ўртача 5-6 фоиз ўсмоқда. Сўнгги 6 йилда Ўзбекистонда электр энергиясининг кунлик истеъмоли 40 фоиз
(252 млн кВт·соатгача) ошди ва 2030 йилга бориб, бу кўрсаткич камида икки баробар кўпайиши кутилмоқда.
Шу муносабат билан бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва энергия ресурслардан максимал даражада самарали фойдаланиш бўйича белгиланган вазифаларни бажариш керак.
Шунга кўра, Ўзбекистон ўз олдига улкан мақсадлар белгилаб олган. Яъни, мамлакатда қўшимча ишлаб чиқариш қувватларини, айниқса, “яшил” электр станцияларни қуриш ва ишга тушириш бўйича жуда катта лойиҳалар бошлаб юборилди.
Ўзбекистон ривожланиш стратегиясига мувофиқ, 2030 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари улуши 40 фоиз оширилади ва шу мақсадда умумий қуввати 18,4 ГВт (7,1 ГВт – қуёш, 11,3 ГВт – шамол) бўлган қуёш ва шамол электр станциялари қуриб фойдаланишга топширилади.
Олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда 7 та вилоятда умумий қуввати 2,7 ГВт бўлган 9 та қуёш ва 1 та шамол электр станцияси “яшил” энергия ишлаб чиқармоқда.
Мисол учун, 2021 йилнинг август ойида Навоий вилоятининг Кармана туманида Ўзбекистондаги илк 100 мегаватт қувватли йирик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. Худди шунингдек, 2022 йилнинг май ойида Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида иккинчи 100 мегаватт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси фаолият бошлади.
2023 йил декабрь ойида Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида 220 мегаватт қувватли қуёш, Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманида 200 мегаватт, 2024 йил 2 май куни яна
100 мегаватт қувватли қуёш, Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида 2023 йил декабрь ойида 200 мегаватт, 2024 йил 2 май куни яна 100 мегаватт қувватли қуёш, 2023 йил декабрь ойида Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида 457 мегаватт қувватли ва 2024 йил 2 май куни Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида умуми қуввати 200 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилган.
Айтиш жоизки, ҳозирги кунда Ўзбекистонда умумий қуввати 21,6 ГВт бўлган 101 та электр станцияси фаолият юритмоқда ва ушбу станциялар орқали ҳар йили тахминан 80 миллиард кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариляпти (2 700 МВт ҚТЭМ — 20 фоиз). Электр узатиш тармоқлари узунлиги 290 минг 875 км, подстанциялар сони 1 885 дона ва трансформатор пунктлари сони
97 696 тани ташкил этади.
Ушбу йил охиригача яна 3,8 ГВт янги қувватларни ишга тушириш режалаштирилган. Мазкур қувватларнинг 2 ГВти қуёш, 600 МВти шамол, 1,2 ГВти иссиқлик ва 24 МВти гидроэлектр станцияларни ташкил этади. Бу эса яна қўшимча 15,7 миллиард кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариш, 4 миллиард 758 млн куб метр табиий газни тежаш ва атмосферага 6,6 млн тонна зарарли газлар чиқишининг олдини олиш имконини беради.
Лойиҳалар Халқаро молиявий институтлар томонидан, жумладан, Жаҳон банки, Халқаро молиявий корпорацияси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқа институтлар томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда ҳамда молиялаштирилмоқда.
Ўзбекистон 60 йилдан ортиқ вақтдан бери қўшни давлатлар билан, хусусан, Марказий Осиё ва Жанубий Қозоғистоннинг Бирлашган Энергетика Тизими доирасида ҳамкорлик қилиб, энг юқори юкламаларни, транзит ҳамда электр энергияси етказиб беришни биргаликда тартибга солишни амалга ошириб келмоқда. Бу барча иштирокчилар фаолиятининг ишончлилигини сезиларли даражада ошириб, ҳар қандай алоқа узилиб қолганда ҳам энергия тизимларининг параллель ишлашини таъминлайди.
Таъкидлаш керакки, энергия таъминотининг барқарорлиги, бу – ҳар бир мамлакатнинг ривожланиши учун устувор масала ҳисобланади. Мамлакатлар ўртасида қайта тикланувчи энергия ресурсларидан фойдаланиш борасидаги ҳамкорлик бугунги кунда зарур ва ҳал қилувчи роль ўйнайди. Ушбу йўналишда Қирғизистон ҳамда Қозоғистон Республикалари билан ҳамкорликда Норин дарёсида жойлашган “Қамбарота ГЭС-1” гидроэлектр станциясини қуриш бўйича улкан минтақавий лойиҳа амалга оширилмоқда. Мазкур ГЭСнинг қуввати 1860 МВтни, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми эса 5,6 миллиард кВт·соат экологик тоза энергияни ташкил этади.
Лойиҳадан кўзланган мақсад нафақат электр энергияси ишлаб чиқариш, балки минтақада сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашдан иборатдир.
Ҳозирги вақтда Жаҳон банки ва халқаро маслаҳатчилар иштирокида ҳукуматлараро келишув ишлаб чиқилмоқда ҳамда лойиҳа бўйича техник-иқтисодий асослар тайёрланяпти.
Яна бир эътирофга молик лойиҳа – Ўзбекистон Қирғиз ва Тожик энергия тизимлари орасида ўзаро электр энергияси тақсимоти учун қўшимча имкониятлар яратадиган, электр энергияси транзитининг ишончлилигини оширадиган ва Туркиядан ўтадиган электрон режимларни яхшилайдиган, ҳар қандай фавқулодда вазиятларда бирлашган энергия тизимининг ишончлилигини таъминлайдиган “Датка” ҳамда “Суғд” подстанциялари орасида қурилаётган тармоққа уланишни режалаштирган.
Қайд этиш лозимки, Қозоғистон Республикаси билан табиий газ транзитига оид ўзаро хизмат кўрсатиш соҳасида муҳим ҳамкорлик ўрнатилди. Қозоғистон томони частота тартибга солиш хизматларини кўрсатмоқда, Ўзбекистон эса Қозоғистон электр энергиясининг транзитини амалга оширяпти.
Мамлакат жорий йил 1 сентябрдан эътиборан Қозоғистоннинг жанубий минтақаларига биринчи марта электр энергияси етказиб бера бошлади.
Туркманистонлик ҳамкасблар билан электр ва табиий газ етказиб бериш бўйича изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган. Яқинда бўлиб ўтган музокаралар чоғида ушбу соҳадаги алоқаларни янада кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбекистон Европага “яшил” энергия етказиб бериш лойиҳаси доирасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам тобора интилмоқда. Айни пайтда Италиянинг “CESI” консалтинг компанияси томонидан мазкур соҳада техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш бошланди. Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон иштирокида қўшма корхона ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.
11 – 22 ноябрь кунлари Бокуда бўлиб ўтадиган COP29 иқлим саммити доирасида ушбу корхонани ташкил этиш бўйича ҳукуматлараро битимни имзолаш режалаштирилган.
Шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистонда Туркиянинг йирик компаниялари билан биргаликда қуввати 950 МВт бўлган иссиқлик электр станцияларини қуриш бўйича умумий қиймати 750 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Қолаверса, бугун Ўзбекистонда Туркиянинг “Cengiz Enerji” компанияси томонидан умумий қуввати 460 МВт бўлган 2 та , “Aksa Enerji” компанияси томонидан жами қуввати 740 МВт бўлган 3 та ва “Odash Enerji” компанияси томонидан эса 174 МВт қувватга эга битта замонавий иссиқлик электр станцияси ишга туширилган бўлиб, улар барқарор ишламоқда.
Мамлакат қайта тикланувчи энергетиканинг самарали технологияларини жорий этиш, уни сақлаш ва бошқа йўналишлар бўйича энг замонавий тажриба ҳамда ютуқларни, тадқиқот ва амалиёт алмашиш борасида кенг кўламли халқаро ҳамкорлик йўлидан бормоқда.
Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари билан энергетика соҳасининг барча соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантиришдан чуқур манфаатдор ва ушбу йўналишда қуйидагиларни амалга ошириш зарур, деб ҳисоблайди:
— энергетика сиёсати соҳасида доимий ахборот алмашинуви ва мувофиқлаштиришни йўлга қўйиш;
— қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда Халқаро молия институтлари (ХМИ) ва хусусий компаниялар инвестицияларини жалб қилиш билан қайта тикланувчи энергия соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш;
— минтақалараро тармоқлар инфратузилмасини янада ривожлантириш, электр энергияси ҳамда ресурслар савдосига кўмаклашиш;
— кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни давом эттириш.
Шунингдек, халқаро ҳамкорлик ва интеграцияни мустаҳкамлаш, қайта тикланувчи энергия ускуналари ва маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, мазкур соҳалардаги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш йўлида минтақа мамлакатлари билан барча куч ва имкониятларни бирлаштириш тайёр.