Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Коррупцияга қарши курашиш – умумий мақсадимиз


Коррупцияга қарши курашиш – умумий мақсадимиз

Fighting Corruption Critical to Africa's Economic Growth, Development Bank  Experts Say | African Development Bank Group

Коррупцияга қарши курашиш – иқтисодий ўсиш ва ижтимоий адолатга эришишнинг асосий шартларидан биридир. Шу боис ушбу иллатга нисбатан муросасиз бўлиш ва қатъий курашиш дунё мамлакатлари учун умумий мақсадга айланган. Ўзбекистон бу йўлда аниқ ва самарали натижаларга эришиш учун халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда янада кенгайтиришга катта эътибор қаратиб келмоқда. Айни йўналишда, хусусан, Малайзия мамлакатимиз учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган ҳамкорлардан бири саналади.

Ушбу мамлакатнинг коррупцияга қарши курашишда муваффақиятли тажрибаси, ҳуқуқий механизмлари, инновацион ташаббуслари жаҳон иқтисодиётидаги бошқа давлатлар учун намуна бўлиб хизмат қилмоқда. Шунингдек, Малайзияда блокчейн технологиялари, рақамли кузатув тизимлари ва янги электрон платформалар орқали коррупциянинг олдини олишга қаратилган турли илғор инновацион ёндашувлар ҳам мавжуд.

"Transparency International" халқаро ташкилоти томонидан Коррупцияни қабул қилиш индексининг 2023 йил натижаларига кўра, мамлакат 180 та давлат орасида 57-ўринни эгаллагани, қолаверса, ҳукумат олдида 10 йил муддатда Индексда 25-ўринга чиқиш вазифаси қўйилгани Малайзиянинг аксилкоррупция ислоҳотларидаги ютуқлар ва долзарб мақсадларни яққол ифодалайди.

Малайзия  Агентлигимиз фаолият бошлаган дастлабки даврларданоқ биз учун яқин ва манфаатли ҳамкорлардан бири бўлиб келмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов. —   2022 йилда мамлакатнинг Коррупцияга қарши курашиш комиссияси (MACC) раҳбари Азам бин Бакининг Тошкентга амалга оширган ташрифи доирасида идораларимиз ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзолангани нафақат икки томон фаолиятида, балки Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида узоқ давом этадиган ҳамкорликнинг муҳим дебочаси бўлди.

Меморандум доирасида ўтган давр мобайнида тажриба алмашиш, ўзаро фаолиятни такомиллаштириш, кадрлар тайёрлаш, ахборот алмашиш, техник кўмак кўрсатиш каби муҳим йўналишларда самарали ҳамкорликни амалга оширдик. Шунингдек, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда жамоатчилик иштирокини кучайтириш мақсадида аҳолини коррупцияга қарши ўқитиш, уларнинг оммавий ахборот воситалари ва ҳалолликни тарғиб қилувчи кампаниялар ҳақида хабардорлигини ошириш бўйича маълумот алмашинувини ҳам йўлга қўйдик. 

Ишонаманки, ўзаро ҳамкорлигимиз яқин истиқболда янги ютуқ ва натижалар билан ўз самарасини янада кенгроқ намоён этади, чунки биргаликда катта мақсад ва режаларни белгилаб олганмиз.

Ҳақиқатан ҳам, 2024 йил август ойида Акмал Бурханов бошчилигида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вакилларидан иборат делегациянинг Малайзияга сафари икки давлат коррупцияга қарши курашишга масъул идоралари ўртасида амалий алоқаларни кенгайтиришда навбатдаги муҳим қадам бўлди.   

Сафар мобайнида Малайзия Парламенти Сенатининг Давлат бошқаруви, ҳалоллик ва коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус қўмитаси раиси Арман Азха Абу Ханифа билан учрашув ўтказилиб, коррупцияга қарши самарали курашишни таъминлашда шаффоф ва ҳисобдор давлат бошқаруви тизимини шакллантиришда парламентнинг ўрни, икки мамлакатнинг бу борадаги тажриба ва ёндашувлари хусусида ўзаро фикр алмашилди.

Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида парламентлараро мулоқотлар ҳам сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилмоқда. Томонларнинг парламентлари палаталари ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик гуруҳлари самарали фаолият олиб бораётганлигини ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз, — дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов. — Парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, уни янги мазмун билан бойитиш, норма ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш мамлакатларимиз учун ҳар томонлама манфаатли деб биламан.

Хусусан, ўтган йил якунида Қонунчилик палатаси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Малайзия Ҳукумати ўртасида жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги шартномани (Тошкент, 2023 йил 8 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси Сенатга юборилди. Мазкур Шартноманинг имзоланиши икки давлатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари томонидан жиноят ишларини тергов қилиш ва судда кўриш давомида ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатишнинг ҳуқуқий асосларини белгилашга, жиноятчиликка қарши курашишда бирдамлик ва ҳамкорликни оширишга, бу орқали ҳар икки давлатда одил судловни таъминлашга хизмат қилади.

Малайзиянинг Коррупция ва непотизмга қарши курашиш маркази фаолиятининг мақсади ҳукуматнинг барча даражаларида очиқ, шаффофлик ва ҳисобдорлик сиёсатини илгари суришга қаратилган.

Мазкур марказнинг директорлар кенгаши раиси Эдмунд Гомес билан учрашувда манфаатлар тўқнашувининг олдини олишда миллий қонунчиликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилиниб, ўзаро тажриба алмашиш ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича маълумот ва профессионал материаллар алмашинувини йўлга қўйиш каби масалалар кўриб чиқилди.

“Malayziya Transparency International” ташкилоти президенти Муҳаммад Моҳан билан мулоқотда эса коррупцияга қарши курашишда нодавлат ташкилотларининг иштироки, БМТнинг коррупция қарши конвенцияси ва соҳадаги бошқа халқаро стандартларнинг миллий қонунчиликка жорий этилиши каби масалаларга эътибор қаратилди.

Ташриф давомида Малайзия Коррупцияга қарши курашиш комиссияси, Коррупцияга қарши курашиш академияси, Малайзия Бош вазири ҳузуридаги Молиявий жиноятчиликка қарши курашиш миллий маркази, Миллий ҳалоллик институти ҳамда "Malaysia Corruption Watch (MCW)" нодавлат ташкилоти раҳбарияти билан ҳам учрашувлар ўтказилди.

 

Малайзия Коррупцияга қарши курашиш комиссияси бош комиссари Азам бин Баки билан учрашувда ўзаро амалий ҳамкорликни кенгайтириш режалари белгилаб олинди. Комиссия фаолияти йўналишлари, устувор вазифалари, инсон ресурсларини бошқариш, бошқарув соҳасида тергов, ҳуқуқий ва жиноий таъқиб, миллий бошқарувни режалаштириш ҳамда стратегик алоқа каби таркибий тармоқлар фаолияти билан яқиндан танишилди.

 

Мулоқотда Азам бин Баки шундай фикрларни билдириб ўтди:

Бугунги кунда дунё бўйлаб коррупцияга қарши курашишда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, мамлакатлар томонидан кўплаб чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу йўналишда тажриба алмашиш жуда муҳим деб ўйлайман. 

1967 йилда Малайзия давлатида асосий коррупцияга қарши курашиш қонуни кучга киргандан буён давлатимиз томонидан улкан ишлар амалга оширилди ва бунинг натижасида бу соҳада биз анчагина тажриба орттирдик. Коррупцияга қарши курашиш комиссияси ходимлари коррупцияга қарши кураш ва унинг олдини олиш, ҳамда ушбу йўналишдаги таълим дастурларини Ўзбекистоннинг Коррупцияга қарши куршиш агентлиги билан бўлишишга тайёр.    Биз эса, ўз ўрнида, Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашишдаги илғор тажрибаларини ўрганишга тайёрмиз, чунки кейинги йилларда мамлакатингизда ушбу йўналишда катта ислоҳотлар олиб борилаётганини кузатмоқдамиз, ва катта ютуқларга эришаётгангизни ҳам кўриб турибмиз.

Делегациямизнинг Малайзия Бош вазири ҳузуридаги Молиявий жиноятчиликка қарши курашиш миллий маркази бош директори Шамшун Бахарин бин Моҳд Жамил билан музокаралари молиявий жиноятларни аниқлаш, олдини олиш, барҳам бериш ва унга қарши курашиш соҳаларида ўзаро тажриба алмашиш имконини берди. "Malaysia Corruption Watch (MCW)" ташкилоти вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда эса  коррупцияга қарши курашишга фуқаролик жамияти институтларини фаол жалб қилиш, самарали жамоатчилик назорати механизмларини жорий этиш масалаларига эътибор қаратилди.

Ташриф натижасида қонун ижодкорлиги соҳасида ўзаро тажриба ва ахборот алмашиш, коррупцияга қарши курашиш идоралари ходимлари учун махсус курс, семинар ва таълим дастурларини ишлаб чиқиш, коррупцияга қарши турли чора-тадбирлар самарадорлигини ўрганиш бўйича қўшма тадқиқотлар олиб бориш бўйича келишувларга эришилди.

Шунингдек,  Ўзбекистонда ишлаб чиқилаётган “Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегия” лойиҳаси Малайзия экспертларининг таклиф ва тавсиялари асосида янада такомиллаштирилди.  

Мамлакатнинг коррупцияга қарши курашиш Академияси (МАСА) билан ҳамкорликда коррупцияга қарши курашиш идоралари ходимлари учун коррупциявий ҳолатларни аниқлаш, олдини олишга қаратилган махсус курслар, таълим дастурларини ишлаб чиқиш, шунингдек, коррупцияга қарши турли чора-тадбирлар самарадорлигини ўрганиш бўйича қўшма тадқиқотлар давом эттирилади.  

— Мамлакатимизда аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз оширишга қаратилган “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформаси (Виртуал академия) ташкил этилишида Малайзия методик, ҳам техник кўмак кўрсатиб келаётган ҳамкорларимиздан бири саналади. Чунки мамлакатнинг Коррупцияга қарши курашиш Академияси давлат ва нодавлат сектор учун коррупцияга қарши кураш соҳасини профессионал кадрлар билан таъминлаш, жаҳон ҳамжамиятида коррупцияга қарши йўналиши замонавий методларни ишлаб чиқишда  узоқ йиллик тажрибага эга. МАСАнинг бепул онлайн курсларида Ўзбекистон вакиллари ҳам таҳсил олиб келмоқда. Бундай бой тажриба ва ютуқ Виртуал академия фаолиятини ҳар томонлама самарали йўлга қўйиш ва фаолиятини такомиллаштиришда биз учун энг яхши намуналаридан бири бўлади, — дейди Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси коррупцияга қарши курашиш илмий-таълим маркази бошлиғи Худойберди Турсунбеков.

Миллий ҳалоллик институти билан эса давлат хизматида ахлоқ ва ҳаллолик стандартларини жорий этиш, сиёсат ва амалиётни такомиллаштириш бўйича таҳлилий ҳисоботлар ва тавсиялар ишлаб чиқиш, давлат хизматчисининг “ҳалоллик портрети”ни шакллантиришда ҳамкорлик қилиш мақсад қилинган.

— Малайзияда давлат ташкилотлари ва давлат улуши бўлган корхоналарда ҳалолликни таъминлаш бўлинмалари фаолияти йўлга қўйилган, — дейди Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш маркази раҳбари Фируз  Махмудов.Ушбу бўлимлар фаолияти тўлиқ МАСС томонидан мувофиқлаштирилиши ҳамда ўзлари фаолият олиб борувчи идора ва корхоналардан тўлиқ мустақиллиги ҳамда лавозимга киришишдан олдин Коррупцияга қарши курашиш академиясида 1 ойдан 3 ойгача бўлган тайёргарлик курсларидан ўтиши шарт. Давлат хизматчиларига “ҳалоллик вакцинаси”ни сингдириш бoрасида превентив механизмлар жорий этиб келаётган Янги Ўзбекистон учун Малайзиянинг бу борадаги амалиёти ниҳоятда муҳим.  Айниқса, давлат хизматига адашиб ёки ноқонуний бойлик орттириш мақсадида кириб келганларни аниқлаш, шунингдек, давлат идораларига ҳалол кадрларни танлаб олиш мақсадида 2025 йилги Давлат дастурида  давлат хизматчиларининг коррупцияга мойиллигини текшириш амалиётини жорий этиш таклиф этилаётгани ушбу мамлакат тажрибасидаги энг илғор ютуқларни ўрганишнинг биз учун аҳамиятини янада оширади.

Умуман олганда, мазкур келишувлар ҳар икки мамлакатнинг ҳуқуқий соҳа ва амалиётдаги ютуқларини бирлаштириш орқали коррупцияга қарши курашишда муваффақиятли натижаларга йўл очади. Ўзаро тажриба ва ишонч  бу йўлдаги ҳар бир қадамга яна дадиллик ва қатъийлик, прогрессивлик беради.