Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Асрларга тенг ришталар


Асрларга тенг ришталар

 

Умумбашарий маданиятнинг ажралмас қисми бўлган халқ амалий санъати дунёдаги ҳар бир халқ ҳаётида, унинг турмуш тарзи ва қадриятлари ривожида алоҳида ўрин тутади. Шу маънода, бу нодир санъат халқнинг ақл-заковати, ноёб истеъдоди ва азалий қадриятларини бамисоли кўзгудек ўзида ёрқин акс эттиради.

Шарқу Ғарбни боғловчи кўприк - Буюк Ипак йўлида маданиятлар бирлашган масканлардан бири  Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида ўзига хос ҳунармандчилик мактаблари шаклланиб, авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда, хусусан ёғоч ўймакорлиги, ганчкорлик, кулолчилик, тўқимачилик, зардўзлик, созгарлик, кандакорлик, заргарлик ва бошқа шаклларининг ҳар бири неча минг йиллик тарихга, ўзига хос ижодий мактаб ва анъаналарига, атоқли намояндаларига эга.

Ўзбекистонлик усталар томонидан тайёрланган кўплаб бадиий ҳунармандчилик ва амалий санъат маҳсулотлари бугунги кунгача дунёнинг машҳур музейларида сақланиши уларнинг жаҳон халқлари тарихида нақадар буюк аҳамият касб этишини кўрсатади. 

Бу ноёб санъатнинг кўплаб йўналишларида самарали фаолият кўрсатган ва уларнинг издошлари бўлган истеъдодли ҳунармандлар доимо эл-юртнинг ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлиб, «уста», «устазода» деган шарафли номлар билан эъзозланиши албатта бежиз эмас.

Ўзбекистонда ана шу бой маданий меросни асраб-авайлаш, ривожлантириш, бу борада тарихий анъаналарни изчил давом эттириб келаётган моҳир усталарнинг машаққатли меҳнатини муносиб қадрлаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида тегишли фармон ва қарорлар қабул қилиниб, уларга янги имконият ва имтиёзлар яратиб берилган ҳамда уларни қўллаб-қувватлайдиган, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган, ўз сафида минглаб заҳматкаш ҳунармандларни бирлаштирган “Ҳунарманд” уюшмаси фаолият кўрсатмоқда.

Сўнгги беш йилда мамлакатимиздаги уста-ҳунармандлар сони 7 баробарга, шогирдлар сони 9 баробарга кўпайиб, соҳада банд бўлганлар 230 минг нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг аксарияти машҳур сулола давомчилари бўлиб, соҳанинг қадимий анъаналарини замонавий услублар билан уйғунлаштирган ҳолда ривожланишига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Амалий санъат турларини қайта тиклашга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасида дастлаб амалда бўлган 25 та ҳунар турлари сони 34 тага, бугунга келиб эса 43 тага кўпайди.

Ҳунармандларга имтиёз ва преференциялар берилиши натижасида 83,4 мингта ҳунарманд уюшма аъзолигига қабул қилинди.Қувонарлиси, ўтган давр мобайнида уюшмага аъзо ҳунармандлардан 47 нафари давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.

Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчихона ва ваколатхоналари кўмагида МДҲ, Европа ва АҚШ давлатларига ҳунармандчиликнинг кулолчилик, каштачилик, зардўзлик, ёғоч ўймакорлиги, гиламчилик ва қўлда газлама тўқиш йўналишлари бўйича жами 40 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар экспорт қилинди.

Ҳунармандларнинг халқ амалий санъати миллий каталогига фахрий ва халқаро кўргазма ҳамда танловларда ғолиб бўлган 261 нафар ҳунармандлар киритилди. Шунингдек, 2,6 мингдан ортиқ ҳунармандлар туризм реестрига киритилиб, ушбу соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Жаҳонда маданият ва туризм соҳасида мамлакат имиджини ошириш, ижтимоий, маданий соҳаларда хорижий мамлакатлар билан ўзаро алоқаларни ривожлантириш мақсадида республика ҳудудида жами 15 та халқаро, 1 993 та маҳаллий тадбирлар ўтказилди.

Жумладан, 2022 йилда Бухоро шаҳрида ўтказилган Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалида 58 мамлакатдан 211 нафар хорижлик, 700 нафар маҳаллий, 2023 йилда ўтказилган II Халқаро ҳунармандчилик фестивалида 70 давлатдан 260 нафар хорижлик, 950 нафар маҳаллий, шу билан бирга, фестиваль доирасида ташкил этилган Халқаро кулолчилик форумида 30 та мамлакатдан 80 нафар хорижлик, 140 нафар маҳаллий ҳунарманд иштирок этди.

Бундан ташқари, ўтган уч йилда 21 та хорижий давлатда 37 та фестиваль, кўргазма ва ярмаркалар ташкил этилиб, унда 541 нафар ҳунарманд иштироки таъминланди.

Айтиш лозимки, мамлакатда Халқаро ҳунармандчилик фестивалларини ўтказилиши ҳунармандчиликни кенг тарғиб қилиш, ҳунармандчилик анъана ва мактабларини асраш, қайта тиклаш, бу соҳадаги илмий ўрганиш ва изланишларни ҳамкорликда амалга ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, истеъдодли ҳунармандларни рағбатлантириш каби эзгу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.Ушбу фестиваль нафақат кўп миллатли Ўзбекистон заминидаги инсонларнинг, балки бутунжаҳон ҳунармандларининг байрами ҳамдир.

Жаҳон ҳунармандчилик Кенгашининг 2019 йилнинг 23 июлидаги қарорига кўра, Қўқон шаҳрига ёғоч ўймакорлиги бўйича Ҳунармандчилик шаҳри мақоми берилди. Шунингдек,ундан сўнг, Ҳунармандчилик шаҳри мақоми Бухоро ҳамда Марғилон шаҳарларига ҳам берилди. Халкаро ташкилотнинг бундай эътирофи юртимизда ҳунармандчилик қадимдан бой анъаналар асосида ривожланиб келаётганлигини кўрсатади. 2020 йилда Бутунжаҳон Ҳунармандлар Кенгаши – Осиё ва Тинч Океани Минтақасининг 2021-2024 йиллар Президентилигини Ўзбекистонга топширилди. Ушбу халқаро ташкилотнинг Осиё ва Тинч Океани Минтақаси бўйича офисини Ўзбекистонга олиб келиниши ва нуфузли тадбирларини Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатда ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва мавқеини оширишга хизмат қилди албатта.

Биринчи “Халқаро ҳунармандчилик фестивали”га ташриф буюрган  Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсойни, Туркманистон Республикаси Маданият вазири Атагелди Ашурович Шамирадов, Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазири  Асхат Раздукович Ораловни,  Қирғизистон Республикаси Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири Алтунбек Аскарович Максутовни,Эрон давлати туризм ва ҳунармандчилик вазири ўринбосари Маям  Желали,Малайзия жанубий Кучинг шаҳар мери Ве Хонг Сенгни бундан ташқари,  Америка Қўшма штатлари Santa Fe International Folk Art Market ижрочи директори  Сузанне Сагг, Франциялик  «A.S.I.E.» Жамияти Президенти Пҳилипе Бурсалтни, Ҳиндистонлик Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги туризм элчиси Риту Бери шунингдек, ЮНЕСКОнинг юқори мартабали вакиллари ҳамда Жаҳон ҳунармандлар кенгашининг Осиё-Тинч океани, Америка ва Африка минтақалари бўйича раҳбарлари, дунёнинг 70 та давлатидан 260 дан зиёд моҳир ҳунарманд, таниқли маданият арбоблари, санъатшунос олимлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этганлигини алоҳида қайд этиш мумкин.

Малайзия нафақат Жануби-Шарқий Осиёда, балки бутун жаҳонда жадал тараққий этиб бораётган давлат. Ўзбекистон ва Малайзия халқлари ўртасидаги умумий дин, муштарак урф-одат ва қадриятларга асосланган азалдан яқин алоқалар бўлган. Бугунги кунда Ўзбекистон-Малайзия муносабатлари мустаҳкамланиб, кўп қиррали ҳамкорликни янги амалий мазмун билан бойитилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим 2024 йил 17-19 май кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди. Малайзия Ҳукумати раҳбари Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига ҳам ташриф буюриб, халқимизнинг бой маданий-тарихий ва маънавий мероси билан танишди.

Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим Бухорога ташрифи чоғида Бухоро гиламчилик марказида бўлди. Mартабали меҳмон бу ерда ипакдан тўқилаётган турли ҳажмдаги гиламларнинг тўқилиш жараёнини кузатди ва гиламдўзларнинг қўл меҳнати билан яралаётган меҳнат маҳсулидан ҳайратда эканини яширмади. — Қойил қолмасдан илож йўқ. Нафис ва гўзал гиламларнинг тўқилиш жараёнини кузатиш кишига завқ бағишлайди. Ҳайратдаман,— дейди Бош вазир жаноблари.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон ҳунармандчилиги қадимий тарихи ва табиий манзаралари каби жуда бой ва хилма-хил. У турли ҳалқларнинг маданий анъаналарини қоришмаларини ўз ичига олади. Ўзбек халқининг анъаналарга бой маданияти ва ҳунармандчилиги кўп асрлар давомида ривожланиб, шарқона маданиятлардан ўзига хос ва ноёб хусусиятлари билан фарқ қилади.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатини ривожлантириш, соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу комплекс чора-тадбирлар натижасида мамлакатимизда ҳунармандчилик соҳаси янада кенгайиб бораверади.