Венгриядаги ТДТ саммити: минтақавий интеграция ва глобал тенденциялар шароитида янги имкониятлар ва истиқболлар

Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) навбатдаги норасмий саммити 2025-йилнинг май ойида Венгрияда ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур тадбир нафақат ташкилотга аъзо давлатларнинг, балки ТДТнинг жаҳон миқёсидаги мавқейи кучайиб бораётганини ҳисобга олиб, халқаро ҳамжамиятининг ҳам эътиборини тортмоқда.
ТДТ мамлакатлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ва амалий ҳамкорликнинг янги уфқлари
ТДТга аъзо давлатлар Ташкилот доирасидаги ҳамкорлик форматини кўп томонлама муносабатларни ривожлантиришнинг стратегик йўналишларидан бири деб ҳисоблайди. Кейинги йилларда туркий мамлакатлар ўртасидаги мулоқот жадал ривожланиш суръатига эга бўлди, бунга ТДТнинг институционал такомиллашуви, кўп томонлама ҳамкорлик йўналишларининг кенгайиши, иқтисодий кўрсаткичлар ўсишидан далолат беради.
Бугунги кунда ТДТ доирасида савдо-иқтисодий ва транспорт-транзит алоқаларидан тортиб, космик тадқиқотларгача бўлган 35 та асосий йўналишда ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Биринчидан, ТДТ юқори иқтисодий салоҳиятга эга мамлакатларни бирлаштирган ҳолда улар ўртасида иқтисодий интеграция ва диверсификацияни кучайтириш имкониятини беради. Туркий давлатлар ташқи савдони ривожлантириш ва сармояларни жалб қилиш учун ТДТ платформасидан фойдаланган ҳолда ўзаро савдо алоқаларини кенгайтиришдан манфаатдор.
ТДТ мамлакатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2022-йилдаги 30,9 миллиард доллардан 2024-йилда 45 миллиард долларгача ўсди. Фақат сўнгги 4 йил ичида Ташкилот аъзоларининг умумий ялпи ички маҳсулоти 20 фоизга (1,6 триллион доллар), тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми эса 22 фоизга ошди.
2023-йилда капитали 500 миллион доллар бўлган Туркий инвестиция жамғармаси ташкил этилди. 2025-йил феврал ойида ТДТ давлатлари Жамғарманинг устав капиталини 600 миллион долларгача оширишга келишиб олдилар. Капиталнинг ўсиши Венгриянинг мазкур Жамғармага қўшилиши, шунингдек, ўзаро инвестицияларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва инновацияларни рағбатлантириш ҳисобига амалга оширилди.
Шу билан бирга, 2024 йилда Ташкилотга аъзо мамлакатларнинг яшил молия кенгаши ва Марказий банклар кенгашининг ташкил этилиши ТДТнинг молиявий институтларини янада кучайтирди.
Иккинчидан, ТДТ мамлакатлари турли транспорт йўналишларининг стратегик аҳамиятга эга чорраҳаларида жойлашган бўлиб, бу уларни минтақалараро транспорт-логистика тармоқларининг марказий иштирокчиларига айлантиради.
Туркий давлатлар ўзига хос географик афзалликларга эга бўлиб, улар мавжуд инфратузилмани самарали ривожлантириш орқали уларнинг жаҳон иқтисодиётидаги ролини сезиларли даражада ошириши мумкин. Шундай қилиб, “Ўрта йўлак” бўйлаб юк ташиш ҳажми 2024-йилда 62 фоизга ошиб, 4,5 миллион тоннага етди. 2027-йилгача юк ташиш қувватини йилига 10 миллион тоннагача ошириш режалаштирилган.
Шу нуқтаи назардан, транспорт-коммуникацияларнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш ТДТ давлатлари ва уларнинг ҳамкорлари ўртасидаги савдони фаоллаштириш, шунингдек, халқаро транспорт тармоқларига интеграциялашув учун стратегик аҳамиятга эга саналади.
Шу билан бирга, ТДТ давлатлари орқали қўшни минтақалар – Осиё-Тинч океани минтақаси, Европа, Жанубий Осиё, Африка бозорларига олиб борувчи мултимодал коридорларни (“Ўрта йўлак”, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон”, Трансафғон йўлаги ва бошқалар) ривожлантириш ТДТ доирасида умумий иқтисодий юксалишнинг муҳим омилига айланмоқда.
Сўнгги йилларда ТДТ мамлакатлари томонидан транспорт инфратузилмасини яратиш ва янада ривожлантириш, транзит хизматларини такомиллаштириш ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фаол ишлар олиб бормоқда. 2024 йилда Ташкилотга аъзо мамлакатларда юк ва логистика марказларини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида ТДТ ҳузурида “Логистика марказлари ва юк ташувчилар альянси” тузилди.
2025 йил январ ойида автомобил транспортини яхшилаш, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал қилиш ва минтақадаги ўзаро савдони янада рағбатлантириш мақсадида ТДТни қамраб олган ҳудудда Халқаро автомобил ташувчилар уюшмалари иттифоқи тузилди.
Бундан ташқари, томонлар ТДТ қошида маркази Тошкент шаҳрида жойлашган “Темир йўл маъмуриятлари кенгаши”ни ташкил этиш лойиҳаси устида ишламоқда. Бу транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, транспорт харажатларини камайтириш, транзит юклар ҳажмини ошириш ва логистика жараёнларини яхшилашга ёрдам беради.
Учинчидан, туркий мамлакатларнинг энергетика соҳасидаги ҳамкорлиги уларнинг ўзаро шерикликнинг асосий йўналишларидан биридир.
Сўнгги йилларда ТДТ мамлакатлари энергетика соҳасида ҳамкорликни, жумладан, “Турк дунёсини 2040 йилгача ривожлантириш концепцияси”да ва “2023-2027 йилларга мўлжалланган энергетика соҳасида ҳамкорлик бўйича Ҳаракатлар режаси”да белгиланган вазифаларни амалга оширишни фаоллаштирди.
ТДТ мамлакатлари ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорлигини янада технологик ва барқарор асосга ўтказиш, энергияни диверсификация қилиш ва қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришга эътибор қаратиш минтақанинг энергетика хавфсизлигини оширишда катта аҳамиятга эгадир.
Шу нуқтаи назардан, “яшил” энергия, экологик барқарорлик мавзуси глобал кун тартибида тобора муҳим ўрин эгаллаб бормоқда ва ТДТ мамлакатлари бу жараёнда фаол иштирок этмоқда. Углерод чиқиндиларини камайтиришга қаратилган барқарор ва экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш нафақат экологик, балки иқтисодий аҳамиятга эга, чунки улар тоза энергия экспорти ва сармояларни жалб қилиш учун янги имкониятлар очади.
Бунда, “Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасида “яшил” энергияни ривожлантириш ва узатиш соҳасида стратегик шериклик тўғрисидаги Битим”нинг имзоланиши ва ушбу энергия манбаларининг учинчи мамлакатларга - Европа Иттифоқи давлатлари истеъмолчиларига экспорт қилиш бу йўналишдаги муваффақиятли мисоллардан бири бўлди. Шу билан бирга, томонлар Каспий денгизи туби бўйлаб чуқур денгиз кабелини ётқизишни режалаштирмоқда.
Шу кунларда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон Осиё тараққиёт банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан Каспий яшил энергия йўлагини илгари суриш борасида ўзаро англашув меморандумини имзоладилар.
ТДТдаги кўп томонлама алоқаларнинг ривожланишида Ўзбекистоннинг роли
Тошкент ТДТнинг тўла ҳуқуқли аъзосига айланиб туркий давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш ва кенгайтиришда муҳим рол ўйнамоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ТДТнинг барча аъзолари билан муносабатлари мақомини кўтарди, жумладан Туркманистон ва Венгрия билан алоқалар стратегик даражага, Туркия ва Қирғизистон билан ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига, Қозоғистон ва Озарбайжон билан муносабатлар иттифоқчилик даражасигача кўтарилди.
Шубҳасиз, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистоннинг туркий давлатлар билан ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш борасидаги фаол позицияси ва Ташкилот доирасида билдирган амалий ташаббуслари кўп жиҳатдан ТДТнинг трансформация бўлишида ва унинг кун тартибини бойишига ёрдам берди.
Хусусан, Ўзбекистон томонидан кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган 80 га яқин аниқ таклифлар илгари сурилди.
2022-йил 11-ноябр куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ТДТ саммити ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди. Самарқанд саммити якунлари бўйича “ТДТнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган кўп қиррали ҳамкорликнинг барча йўналишлари ва дастурларини ўзида мужассамлаштирган Стратегия”нинг қабул қилиниши муҳим воқеа бўлди. Ушбу хужжат туркий давлатларнинг ривожланиш концепцияси саналган “Туркий дунё нигоҳи – 2040”даги устувор мақсадларни амалга ошириш бўйича биринчи “йўл харитаси” бўлди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан туркий халқларнинг бирлиги ва жипслиги, буюк ўтмиши, бой маданияти ва бебаҳо қадриятларини ўзида акс эттирувчи “Туркий дунё Хартияси” ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.
Ўзбекистон Раҳбарининг “Туркий давлатларнинг стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлиги тўғрисидаги шартнома”ни қабул қилиш тўғрисидаги таклифи ҳам ТДТ маконида турли соҳаларда ҳамкорлик ва интеграцияни янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратади.
Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг йирик иқтисодиётлардан бири бўлиб, ТДТнинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашда стратегик аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлаш зарур.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президентининг ТДТ доирасида “Янги иқтисодий имкониятлар маконини яратиш” ташаббуси савдо, сармоя ва хизматларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш бўйича белгиланган мақсад ва вазифаларга ўзаро ҳамохангдир.
Ўзбекистон Раҳбари ТДТ маконида мултимодал транспорт йўналишлари ва транспорт хизматларини ривожлантириш ташаббусларини ҳам илгари сурмоқда. Шу билан бирга, замонавий рақамли воситаларни («e-TIR», «e-Permit» и «e-CMR») қўллаш орқали божхона операцияларида инновацияларни рағбатлантириш, шунингдек, транзитни либераллаштириш ва маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш режалаштирилмоқда.
Транзит йўлакларини ривожлантириш ва логистика инфратузилмасини яратиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ТДТ доирасидаги ўзаро ҳамкорликнинг стратегик таркибий қисмларидан биридир. Шу нуқтаи назардан, Хитойдан Европага ва ундан ортга юк транзитини диверсификация қилиш имконини берувчи “Ўрта йўлак”ни биргаликда ривожлантириш эътиборга олинмоқда.
Шу билан бирга, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қурилишини амалга ошириш ва уни ТДТ маконидаги бошқа истиқболли транспорт лойиҳалари билан интеграциялашуви Хитойдан Европага қуруқликдаги йўлни тиклашга катта ҳисса қўшади.
Умумий ялпи ички маҳсулоти 3,5 триллион долларга ва 1,9 миллиард аҳолига эга Жанубий Осиё бозорларига мутлақо янги йўналишни таъминлайдиган Трансафғон йўлагининг яратилиши билан ҳам бу йўналишда катта истиқболлар очилади.
Бугунги кунда ТДТ мамлакатларининг рақамлаштириш ва юқори технологиялар соҳасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш долзарб аҳамиятга эгадир. Шу билан бирга, Ўзбекистон Раҳбарининг “Рақамли туркий дунё концепцияси”ни ишлаб чиқиш таклифи бу борадаги алоқаларни чуқурлаштириш йўлидаги стратегик муҳим қадамдир. У рақамли технологиялар соҳасида тажриба алмашиш, инновацион экотизимлар, рақамли инфратузилма ва маълумотлар марказларини ривожлантиришни рағбатлантириши кутилмоқда.
Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркий экология кенгашини ташкил этиш таклифи глобал экологик муаммоларни ҳал этишда биргаликдаги саъй-ҳаракатларнинг муҳимлигини ўзида акс эттиради.
Ўзбекистон Президентининг ТДТ доирасидаги кўп томонлама муносабатларни ривожлантиришга қаратилган бундай ташаббуслари туркий дунёда муштарак имкониятларни бирлаштириш ва мавжуд муаммоларни ечишда узоқни кўзлаб қилинган ёндашувни намоён этади.
Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги стратегик шериклик – ТДТ доирасидаги кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришнинг муҳим омили
ТДТда кузатувчи мақомига эга бўлган Венгрия Ташкилот фаолиятида фаол иштирок этишда давом этмоқда ва бу унга турли истиқболли йўналишларда туркий давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш имконини беради.
Бош вазир Виктор Орбан Венгрия ТДТ мамлакатларига Европа билан алоқани таклиф қилиши мумкинлигини бир неча бор таъкидлади. Мамлакатни Ғарб ва Шарқ ўртасидаги кўприкка айлантириш ғоясини илгари сурган Венгрия ТДТ доирасидаги турли тадбирлар ва лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда, Венгрия университетларида туркий мамлакатлардан келган талабалар учун мунтазам равишда таълим грантлари ажратмоқда, шунингдек Эксимбанк, Венгрия экспортни қўллаб-қувватлаш агентлиги ва Савдо-саноат палатаси каби воситалари орқали савдо ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантирмоқда.
Венгриянинг Европа Иттифоқига аъзо давлат сифатида минтақадаги ўзига хос мавқеи унга икки ташкилотга (ТДТ ва ЕИ) аъзо давлатлар ўртасида самарали воситачи бўлиб хизмат қилиш имконини беради. Венгриянинг икки минтақа ўртасидаги кўприк роли келажакда барқарор ва ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш учун стратегик аҳамиятга эга.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон билан Венгрия ўртасидаги стратегик шериклик икки давлат ташқи сиёсатининг сўнгги бир неча йил ичида фаол ривожланиб бораётган муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Охирги беш йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки баробарга (200 миллион долларгача) ошди.
Айни пайтда 2021-йилда тузилган Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия, шунингдек, Ишбилармонлар кенгаши самарали фаолият кўрсатмоқда. Устав капитали 150 миллион евро бўлган инвестиция фондини ишга тушириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Венгриянинг “Gedeon Richter”, “Meditop Pharmaceutical”, “Inpark”, “Bonafarm”, “BDPST Group”, “Bayer Construct Group” ва бошқа йирик компаниялари фармацевтика, кимё, электротехника, қишлоқ хўжалиги, банк секторларида қўшма лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширмоқда.
Географик жойлашувдаги фарқларга қарамай, Тошкент ва Будапешт кўплаб шериклик йўналишларини топган ва уларнинг ҳамкорлиги иқтисодиёт ва савдодан тортиб маданият ва таълимгача бўлган кенг кўламли соҳаларни қамраб олган. Ўзбекистон-Венгрия ҳамкорлиги ҳам ТДТ доирасидаги ўзаро ҳамкорликнинг кенгайиши шароитида ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришнинг муҳим омилига айланди.
Иккала давлат ҳам ТДТда кўп томонлама муносабатларни ривожлантириш бўйича ўхшаш қарашларга эга ва сиёсий, савдо-иқтисодий, энергетика ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлайдилар.
*****
Жаҳон сиёсати ва иқтисодиётидаги ҳозирги ўзгаришлар шароитида минтақавий ҳамкорликнинг роли ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда. Шу билан бирга, ТДТнинг Венгрияда бўлиб ўтадиган норасмий саммити интеграция ва ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлаган ҳолда минтақа тараққиёти учун янги уфқларни очади.
Будапешт ҳам ТДТ мамлакатларини Европа билан боғлаш, янги савдо йўлларини боғлаш ва давлатлар ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнайди.
Бундан ташқари, мазкур саммит ТДТ доирасида илғор тажриба алмашиш, инфратузилмани ривожлантириш, рақамли трансформация, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, маданий ва таълим соҳаларидаги алоқаларни кенгайтиришга инновацион ёндашувларни муҳокама қилиш учун платформага айланади.
Шунингдек, тадбир иштирокчилар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, ишончни мустаҳкамлаш ва интеграцияни чуқурлаштириш учун янги имкониятлар очади ва шу орқали янада мустаҳкам, ўзаро боғланган ва рақобатбардош минтақани барпо этиш учун мустаҳкам пойдевор яратади.
Шундай қилиб, ТДТ ривожланиши ва фаолиятининг ҳозирги босқичи ушбу ташкилотга бўлган талабни, шунингдек, туркий мамлакатларнинг умумий иқтисодий ва ижтимоий-маданий салоҳиятини сақлаб қолиш ва ошириш қобилиятини кўрсатади.
ТДТ маконида мавжуд кўп қиррали интеграция тамойили Ташкилотнинг ҳар бир аъзосига унда ўз ўрнини топиш имконини беради. Шу билан бирга, келгусида ҳам туркий мамлакатлар савдо-иқтисодий, транспорт-транзит, энергетика ва бошқа соҳаларда ўз саъй-харакатларини мувофиқлаштириш тенденцияси давом этади. Бу ҳамкорлик ТДТ мамлакатлари ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишларини топишга ва алоқаларни янада мустахкамлашга хизмат қилади.
Сарвар Камолов
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бош илмий ходими